Исроил бош вазири: Сурия Эронни Исроилга қарши агрессияга чорламоқда

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Сурия Эронни Исроилга қарши гиж-гижламоқда, деб баёнот берди.

-Биз нафақат Эронга қарши, балки Эронни агрессияга гиж-гижлаётган Сурия кучларига қарши ҳам ҳаракат қилаяпмиз. Бизга зарар етказмоқчи бўлганларга аёвсиз зарба берамиз. Бизга таҳдид қилаётганлар ўз таҳдидлари учун жавоб берадилар,-деди Нетаняҳу Эйлат шаҳрида қилган чиқишида.

19 январда Исроил Сурия пойтахти Дамашқ яқинидаги аэропортда жойлашган Эрон ҳарбий манзиларига зарба бергани оқибатида қурол омборлари йўқ қилингани хабар қилинган эди.

21 январда Исроил армияси расмий вакили Жонатан Конрикус Сурия ҳарбий манзилларига ҳам зарба берилганини билдириб: “Сурия ўз ҳудудида Эронга Исроилга қарши сиёсат олиб боришга имконият яратиб бергани учун жавоб бермоқда”, деб айтган эди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Сурия обсерваториясининг хабар беришича, Исроил берган зарба оқибатида 11 одам ҳалок бўлган.

Исроил мазкур ҳужум Эрон Суриядан туриб Исроилга ракета отганига жавоб тариқасида уюштирилганини билдирган.

Хабарда айтилишича, Эрон отган ракета Исроилга етиб келмаган. Исроил ракетадан мудофаа тизими Эрон ракетасини Голан тепаликларида уриб туширган.