Афғонистонда бомбардимон пайтида бир оиланинг 16 аъзоси ҳалок бўлди

Сангин туманидаги афғон жангчиси.

Афғонистонннинг Ҳилманд вилоятида ҳаводан берилган зарбалар оқибатида тинч аҳоли вакилларидан 16 киши ҳалок бўлди. Уларнинг барчаси бир катта оиланинг аъзолари бўлган. Бу ҳақда 24 январь куни Ҳилманд вилоят кенгаши раиси Атауллоҳ Афғон хабар берди.

Унга кўра, мазкур ҳодиса Сангин туманида ҳукумат кучлари Толибонга қарши олиб бораётган жанг пайтида рўй берди. Ҳалок бўлганларнинг 8 нафари бола, уч нафари аёл кишидир.

Мазкур воқеа юзасидан ҳукумат тергов олиб бормоқда. Ҳозирча зарба ким томонидан берилгани ноаниқ бўлиб қолаётир.

«Афғонистоннинг Ҳилманд вилояти Сангин туманидаги кўп кунлик жанговар амалиётлар АҚШ маслаҳатчилари ва коалициянинг ҳарбий ҳаво кучлари томонидан қўллаб-қувватланди. Жанговар ҳаракатлар давом этаётгани муносабати билан ҳозиргача жанггари бўлмаган одамлар ўлгани ҳақидаги маълумотларни текшириш ишларини якунлаганимиз йўқ», дейилади НАТО баёнотида.