АҚШ махсус вакили Толибон билан 6 кун музокара ўтказди

АҚШ махсус вакили Залмай Ҳалилзод.

АҚШ махсус вакили Залмай Ҳалилзод Толибон билан 6 кунлик музокаралар якунлангани ортидан Афғонистон ҳукумати билан маслаҳатлашувлар ўтказмоқда.

Ҳалилзод музокара ўтказилган Қатардан Кобулга 27 январда қайтиб келди. Қатар Ташқи ишлар вазирлиги ва Ҳалилзод музокаралар самарали бўлганини, Толибон тинчлик битимига эришиш йўлидаги музокараларни давом эттиришга тайёрлигини билдирганини маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Толибон 25 февралда навбатдаги музокараларни ўтказишга розилик берган.

Толибон расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид музокарада “олға силжиш”лар бўлганини тан олган ҳолда, ўқ отишни тўхтатиш тўғрисида келишиб олингани тўғрисидаги хабарларни “ёлғон” деб атади.

Толибон вакиллари АҚШ расмийлари билан музокара ўтказар экан, бу музокараларда Афғонистони ҳукумати делегацияси иштирок этишига қаршилик қилиб келмоқда. Толибон Афғонистон ҳукуматини АҚШ қўғирчоғи деб билади.