Россияда Тожикистоннинг 10 мингдан кўпроқ фуқароси қамоқ жазосини ўтамоқда

Иллюстратив сурат.

Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси Россияда ўн минг нафардан кўпроқ тожик фуқароси жазо муддатини ўтаётгани тўғрисида маълум қилди.

Озодлик радиоси тожик хизматининг элчихонага таяниб хабар беришича, айни пайтда яна ўнлаб тожикистонликларга нисбатан тергов давом этмоқда. Уларнинг кўпчилиги террорчилик ва экстремистликда айбланмоқда.

Россия ҳукуматининг билдиришича, бугунги кунда Россияда бир миллион нафар тожик муҳожири яшамоқда.

Россияда террорчиликда гумонланган тожикистонликлар қўлга олингани тўғрисидаги маълумотлар 2013 йилдан бошлаб тез-тез пайдо бўла бошлади. Ҳуқуқ фаоллари қўлга олинган тожикистонликларнинг ҳуқуқлари куч ишлатар тузилмалар томонидан қўпол бузилаётганини таъкидлаб келадилар.

Ўтган ҳафтада Москва ҳарбий суди марказий осиёлик 11 кишини, жумладан, 6 нафар тожикистонликни террорчиликда айбдор деб топиб 6 йилдан 18 йилгача озодликдан маҳрум қилган эди.