Элёр Ғаниев ҳукуматга қайтди. У энди Бош вазир ўринбосари

Элёр Ғаниев.

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири сифатида 2012 йилдан 2017 йилгача ишлаган Элёр Ғаниев лавозими пасайтирилганидан деярли 14 ой ўтганидан сўнг қайта Бош вазир ўринбосари лавозимига тайинланди.

Элёр Ғаниев 1997-2002 йилларда ташқи Иқтисодий алоқалар вазири, 2002-2005 йилларда Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги раиси, айни пайтда Бош вазир ўринбосари, 2005-2006 йилларда ташқи ишлар вазири, айни пайтда Бош вазир ўринбосари, 2006-2010 йилларда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири, 2010-2012 йилларда яна ташқи ишлар вазири ва Бош вазири ўринбосари бўлиб ишлаган эди.

2012 йил январидан Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири лавозимида фаолият юритган Элёр Ғаниев 2017 йил ноябрда вазифасидан озод этилган.

Кейинроқ президент девонида сектор бошлиғи, 2018 йил 27 августдан эса президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимларини бажариб келган.

Ўзбекистондаги нашрларнинг ўз манбалаарига таяниб хабар беришларича, 28 январда Элёр Ғаниев Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари комплекси раҳбари, Бош вазир ўринбосарига айланди.

Бунга қадар бу лавозимни Суҳроб Холмуродов эгаллаб келган эди.