Ҳабиб Конорнинг фанатлари билан муштлашгани учун спортдан вақтинча четлатилди

Хабиб Нурмагомедов.

АҚШнинг Невада штати Атлетика комиссияси аралаш яккакураш бўйича жаҳон чемпиони Ҳабиб Нурмагомедовни Конор Макгрегор билан жангидан сўнг содир этилган муштлашда иштирок этгани учун 9 ойга спортдан четлатди. Бундан ташқари Ҳабиб Нурмагомедов 500 минг доллар миқдорида жаримага тортилди.

Доғистонлик яккакурашчининг менежери Али Абулазиз катта миқдорда жарима солинишини адолатсизлик, деб айтади. Лекин Нурмагомедовнинг командаси комиссия қарори устидан шикоят қилмайди.

2018 йил 6 октябрда Лас-Вегасда ўтган UFC 229 доирасидаги турнирда Ҳабиб Нурмагомедов рақиби ирландиялик Конор Макгрегор устидан тўртинчи раундда ғалаба қозонган эди.

Аммо жанг тугагач, жанжал юз берди ва UFC президенти Дэйна Уайт жанжални суриштириш учун махсус комиссия тузилганини билдирди.

Кейинчалик Нурмагомедов Россия нашларига берган интервьюсида Макгрегор отам ва динимни ҳақорат қилди, деб даъво қилди.

Россиялик курашчи Ҳабиб Нурмагомедов – енгил вазнда амалдаги UFC чемипонидир. У бирор марта ҳам мағлуб бўлмаган.

Ирландиялик Конор Макгрегор эса ярим енгил вазндаги чемпиондир.