Қирғизистонда коррупцияни фош қилганларга ундирилган зарарнинг 30 фоизи бериладиган бўлди

Қирғизистон президенти 29 январь куни имзолаган қонунга биноан, давлат амалдорлари қўл урган коррупция ҳолатлари ҳақида хабар берган оддий фуқаролар ҳамда полиция ходимларига ҳукуматга қайтарилган зарарнинг маълум қисми мукофот сифатида қайтариб берилади.

Қонунга кўра, коррупция ҳақида хабар берган шахслар хавфсизлиги таъминланади.

Қонунда коррупционер амалдорларни фош қилган полиция ходимларига ҳукуматга қайтарилган ҳар қандай сумманинг 30 фоизини мукофот қатори бериш белгилаб қўйилган.

Берган хабар ва маълумотлари суд терговига сабаб бўлган фуқароларга мусодара қилинган сумманинг 30 фоизи берилади. Аммо коррупция ҳақида хабар берган шахслар оладиган мукофот 1 миллион қирғиз сўмидан (14,300 доллардан) ошмаслиги керак.

Ушбу қонун лойиҳаси Қирғизистон парламентида 2016 йилдан бери муҳокама қилиниб келаётган эди. Бошқа собиқ совет давлатларидаги каби Қирғизистонда ҳам коррупция муаммоси кескиндир.

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев 2017 йилда ушбу қонун лойиҳаси ўзгартирилиши кераклигини айтиб, уни имзолашдан бош тортган эди.