Президент Мирзиёев АЭС қуриладиган ҳудудни кўздан кечирди

Шавкат Мирзиёев Фориш туманида.

Президент Шавкат Мирзиёев 30 январь куни Жиззах вилояти Фориш туманида атом электр станциясини қуриш учун муҳандислик тадқиқотлари олиб борилаётган майдонлардан бирини кўздан кечирди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Президент тадқиқот ишларининг бориши билан қизиқди, «Ўзатом» агентлиги ва «Росатом» корпорацияси раҳбарлари билан суҳбатлашди.

«Бизнинг атом станциямиз бошқалардан ҳам яхши, сифатли ва хавфсиз бўлиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

2018 йилнинг 19 октябрида президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Жиззахда АЭС қурилишининг рамзий тугмасини босган эдилар.

Расмий Тошкент баëнотига кўра¸ АЭСнинг биринчи энергоблоки 2028 йил охирида ишга тушади.

Атом электр станциясининг ишга туширилиши натижасида катта миқдорда табиий газ иқтисод қилинади, атмосферага карбонад ангидрид чиқарилиши йилига 14 миллион тоннагача, азот оксидлари чиқарилиши 36 минг тоннага камаяди.