Россия ва АҚШ ядровий қуролларни назорат қилиш келишувини сақлаб қолиш бўйича келиша олмаяпти

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков АҚШ давлат котибининг қуроллар назорати ва халқаро хавфсизлик бўйича ўринбосари Андреа Томпсон билан.

Россия ва АҚШ ядровий қуролларни назорат қилиш бўйича Совуқ уруш даврида эришилган муҳим келишувни сақлаб қолиш масаласида келиша олмаяпти. Бу ҳақда Россия ва АҚШ расмийлари билдирди.

Бу ҳолат АҚШ ҳафта охирида 1987 йилда Қўшма Штатлар ва Совет Иттифоқи ўртасида ўрта масофага учувчи ядровий қуролларни чеклаш бўйича имзоланган битимдан расман чиқишига йўл очиб беради.

Россия матбуоти тарқатган хабарларга кўра, АҚШ давлат котибининг қуроллар назорати ва халқаро хавфсизлик бўйича ўринбосари Андреа Томпсон билан ўтказилган музокаралар ортидан Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков:

- Афсуски, ҳеч қандай силжиш йўқ, - деган.

Reuters агентлиги билан суҳбатда Томпсон:

- Россияликлар ҳануз келишув шартларини бузиб келаётганларини тан олганлари йўқ, - деди.

Вашингтон ва НАТО Россияни келишув шартларини бузишда айблаб келади. Россия эса буни кескин рад этмоқда.

Ўрта ва кичик масофага учувчи ракеталарни йўқ қилиш бўйича битимга асосан АҚШ ва Россия ўз зиммасига 500 километрдан 5000 километргача бўлган масофага отиладиган баллистик ракеталарни ишлаб чиқармаслик ва синовдан ўтказмаслик мажбуриятларини олган.