Ал Азҳар имоми Шайх Аҳмад ал Тойиб мусулмонларни насронийларга қучоқ очишга чақирди

Шайх Аҳмад ал Тойиб ва Рим папаси Франциск БААда ўтаётган анжуманда.

Мисрдаги Ал Азҳар университети имоми Шайх Аҳмад ал Тойиб 4 февраль куни Бирлашган Араб Амирликларида ўтаётган диний фанатизмга қарши туриш бўйича динлараро анжуманда мусулмонларни ўзлари яшаётган ҳудудлардаги насронийларга қучоқ очишга чақирди.

Унга кўра, мусулмонлар насронийларга, насронийлар мусулмонларга нафрат билдирмаслиги лозим.

“Сизлар бу миллатнинг бир қисми ҳисобланасиз. Сиз асло миллий озчилик эмассиз”, деди Шайх Аҳмад ал Тойиб Яқин Шарқда яшаётган насронийларга қарата.

Шайх Ғарбда яшаётган мусулмонларни ўзларини қабул қилган давлатларнинг қонунларини ҳурмат қилишга чақирди.

БААда ўтаётган мазкур анжуманда Рим папаси Франциск ҳам иштирок этмоқда. Бу Рим папасининг тарихда биринчи марта Араб давлатига сафар қилишидир.

Рим папаси ўз нутқида низолашаётган томонларни Яқин Шарқ -Яман, Сурия, Ироқ ва Ливиядаги урушларни тўхтатишга чақирди:

-Яратгувчи Парвардигормиз бизни зўравонликнинг барча шаклларидан қайтарган. Зўравонлик Худога нисбатан жиддий шаккокликдир. Чунки биродарга нисбатан нафарт ва зулмни Худо номи билан оқлашга ҳаракат қилмоқдалар. Дин оқлай оладиган зўравонлик мавжуд эмас,-деди Рим папаси.