Трамп Конгрессга мурожаатида иммиграция, Сурия ва АҚШ иқтисодиёти ҳақида гапиради

АҚШ президенти Дональд Трамп.

6 февраль куни АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатдаги вазият юзасидан Конгрессга иккинчи марта мурожаат қилади. Мурожаатда иммиграция, Яқин Шарқдаги можаролар, АҚШнинг кучли иқтисодиёти масалаларига эътибор қаратилади.

Унинг маърузаси Конгрессдаги демократлар билан мунозаралари чуқурлашиб бораётган паллага тўғри келмоқда.

Трамп маърузасидан бир неча кун олдин ҳукуматнинг АҚШ тарихидаги энг узоқ – 35 кунлик шатдауни тугаган эди.

Шатдаунга Трампнинг АҚШ билан Мексика ўртасидаги чегарага девор тиклашга маблағ ажратиш талабини ҳам Намоёндалар палатаси, ҳам Конгрессдаги демократлар рад этгани сабаб бўлди.

Президент айни талабини ноқонуний иммиграция ва наркотикларнинг мамлакатга кириб келиши йўлини тўсиш истаги билан изоҳламоқда.

Лекин шатдаунни вақтинча бекор қилиш бўйича келишув муддати 15 февралда тугайди. Трамп Конгрессга, агар девор учун 5,7 миллиард доллар ажратмаса, фавқулодда вазият жорий этиш билан таҳдид қилди.

АҚШ Конституциясига кўра, Конгресс бюджетдан маблағ сарфлаш бўйича умумий қарорлар қабул қилади, солиқ тўловчилар маблағининг йирик харажатларини тасдиқлайди.

Юз минглаб давлат хизматчиларини маошсиз қолдирган шатдаун Трампнинг обрўсига путур етказди.