Бишкек ва Ўш аэропортларига бомба қўйилгани тўғрисидаги хабарлар тасдиқланмади

"Манас" аэропортида йўловчига хизмат кўрсатаётган ходим.

Қирғизистоннинг Бишкек ва Ўш аэропортларига бомба қўйилгани тўғрисидаги маълумотлар ёлғон бўлиб чиқди. Бу ҳақда 5 февраль куни ҳуқуқ-тартибот тузилмалари билдирдилар.

5 февраль куни соат 14:41да Бишкекдаги “Манас” аэропорти биносида хизмат кўрсатувчи авиаширкатлардан бирининг электрон почтасига номаълум шахс аэропортга бомба ўрнатилгани тўғрисида хат юборган.

Шундан сўнг Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари аэропортдан йўловчиларни эвакуация қилган, парвозларни тўхтатган ҳамде текширув ишларини олиб борган. Бироқ “Манас” аэропортидан бомба топилган эмас.

Ўша куни соат 18:46да бомба Ўш аэропортига ўрнатилгани тўғрисида хат келган. Ўш аэропорти ҳам текшириб чиқилган, бироқ бомба топилмаган.

Миллий хавфсизлик хизмати матбуот котиби Рахат Сулаймановнинг Озодлик радиоси қирғиз хизматига билдиришича, бомба тўғрисидаги хатлар хориж давлатларининг биридан жўнатилгани аниқланди. Айни пайтда бу хатларни жўнатган одамларни қидириб топиш ишлари олиб борилмоқда.