Москва Ироқдан 27 нафар россиялик болани ватанига қайтарди

Ироқда Марказий Осиёдан кетган одамларнинг ҳам фарзандлари бор.

Россия Ироқдан 27 нафар болани ватанига қайтарди. Хабарда айтилишича, бу болаларнинг оналари Ироқда «Ислом давлати» гуруҳи аъзолари сифатида қамалган.

«10 февраль куни кеч тунда Ироқдан учган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги самолёти Москвага қўнди ва Россиянинг 10 минтақасидан бўлган 4 ёшдан 13 ёшгача бўлган 27 нафар болани олиб келди», дейилади расмий маълумотда.

Бундан аввал ўтган йилнинг декабрь ойида Россияга Ироқдан 30 нафар бола олиб келинган эди.

Хабарда айтилишича, болаларнинг оталари сўнгги уч йилда жиҳодчилар ва Ироқ ҳукумат кучлари ўртасидаги жангларда ҳалок бўлган.

Январь ойида Кремль Ироқда яна 10 ёшгача бўлган 115 нафар, 11 ёшдан 17 ёшгача бўлган саккиз нафар россиялик бола қолаётгани ҳақида билдирган эди.