Ҳилмандда ҳаводан берилган зарбалар оқибатида камида 21 киши ҳалок бўлди

Афғон ҳарбийлари.

Афғонистоннинг Ҳилманд вилоятида ҳаводан берилган зарбалар оқибатида камида 21 киши ҳалок бўлди. Уларнинг орасида аёллар ва болалар бор.

Вилоят сенатори Муҳаммад Хошим Алкўзайнинг 10 февралда билдиришича, одамлар икки кун аввал ҳукумат кучлари билан Толибон ўртасидаги жанг пайтида берилган зарбалардан ўлган. Мазкур жанг пайтида НАТО ҳаводан туриб ҳукумат кучларини қўллаб-қувватлаган.

«Бегуноҳ одамлар, аёллар ва болалар ҳаводан берилган зарбалар оқибатида ҳалок бўлди», деб айтган Алкўзайга кўра, биринчи зарбадан 13 одам, иккинчи зарбадан 8 одам нобуд бўлган.

Афғонистон ҳукумат кучлари мамлакатнинг деярли ярмини назорат қилаётган Толибонга қарши жангларни олиб бормоқда.

24 январь куни бўлган жанг пайтида ҳам ҳаводан берилган зарба оқибатида тинч аҳолидан 16 киши ҳалок бўлганди.