Афғонистондан АҚШ қўшинлари НАТО билан келишилган ҳолда олиб чиқилади

АҚШ мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Патрик Шанахан.

АҚШ мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Патрик Шанахан Афғонистондан ҳарбийларнинг олиб чиқиб кетилиши фақат НАТО билан мувофиқлаштирилган тарзда амалга оширилишини маълум қилди.

14 февралда Брюсселда ўтган НАТОга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари саммитидан сўнг журналистларга интервью берган Шанахан АҚШ Афғонистондаги ҳарбийлари сонини бир томонлама қисқартирмаслигини айтди.

-Бир неча кун олдин мен Афғонистон ва Ироқда бўлдим. НАТО Афғонистондаги миллий хавфсизлик кучларининг мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этиб қолмоқда. НАТО бизни мувофиқлаштиради ва бирлаштиради. Биз биргамиз,-деди Шанахан.

Президент Трамп аввалроқ АҚШ расмийлари Толибон билан ўтказаётган тинчлик музокараларида сулҳ битимига эришилса, Америка ҳарбийлари зудликда Афғонистон олиб чиқиб кетилишини билдирган эди.

АҚШ расмийларига кўра, Трамп бугунги кунда Афғонистонда ҳозир бўлган 14 минг АҚШ ҳарбийсидан 7 мингга яқинини олиб чиқиб кетишни режалаштирмоқда.