Муносабатлари танглигича қолаётган Косово ва Сербия раҳбарлари битта анжуманда қатнашмоқда

Косово президенти Ҳошим Тачи

Косово президенти Ҳошим Тачи зиддиятларга қарамасдан, қўшни ва рақиб давлат Сербия билан алоқаларни нормаллаштириш учун яхши имконият борлигини таъкидлади.

Тачи ва Сербия президенти Александр Вучич 16 февраль куни Германиянинг Мюнхен шаҳрида ўтадиган хавфсизлик масалаларига бағишланган конференциясида қатнашади.

Сербия ва Косово ўртасидаги қонли уруш тугаганига йигирма йил бўлган бўлса-да, икки давлат ўртасидаги муносабатлар танглигича қолмоқда.

Ғарб давлатлари икки қўшни давлатни алоқаларни нормаллаштиришга чорлаб келади.

Косово 1999 йилгача Сербия таркибида бўлган. Ўша йили этник албанларни мамлакатдан сиқиб чиқариш ва қирғин қилишни бошлаган сербларни тўхтатиб қолиш учун НАТО Сербияни ҳаводан бомбардимон қилган.

1,8 миллион одам яшайдиган Косовони ҳануз НАТО кучлари қўриқлаб туради.

2008 йил Косово ўз мустақиллигини эълон қилган. Косово мустақиллигини 116 давлат тан олган. Аммо Сербия ва Россия тан олмай келади.