Эроннинг фазога сунъий йўлдош чиқаришга қаратилган иккинчи уриниши ҳам муваффақиятсиз якунланди

Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф

Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф NBC News телеканалига берган интервьюсида февраль бошида Теҳроннинг фазога ўз сунъий йўлдошини чиқариш уриниши самарасиз якунланганини эътироф этди. Аввалги ойда ҳам худди шундай бўлган эди.

Зариф муваффақиятсизлик сабаблари ҳали номаълум эканлигини, мамлакат расмийлари Теҳрон режасига АҚШ халал бергани ҳақидаги иддаоларни кўриб чиқишини айтди. АҚШнинг The New York Times газетаси собиқ ва амалдаги АҚШ расмийларига таяниб, Оқ уй Эрон ракета дастурига халал бериш ҳаракатларини кучайтирганини хабар қилган эди.

Зариф АҚШ сунъий йўлдош учирилишига халал бергани ҳақидаги иддаолар яқиндан кўриб чиқилиши кераклигини таъкидлади.

Январь ойида Эрон телекоммуникация вазири Муҳаммаджавод Азарий Жаҳромий Эрон олимларининг сунъий йўлдош чиқаришга қаратилган илк уриниши муваффақиятсиз якунланганини айтган эди.

Президент Ҳасан Руҳоний Эрон маҳаллий ракеталар ёрдамида икки сунъий йўлдошни Ер орбитасига чиқаришини эълон қилган. АҚШ эса Теҳроннинг бу режаси Эрон ўз баллистик ракеталар дастурини янада ривожлантириши учун замин яратишини айтиб, хавотир изҳор қилиб келади.