Оролнинг қуриган қисмини яшиллаштириш учун 100 млрд. сўм ажратилади

Ўзбекистон ҳукумати "Орол денгизи тубидаги суви қуриган ҳудудларда “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" қарор қабул қилди.

Адлия вазирлиги Telegram канали берган қарорга мувофиқ, Орол денгизининг суви қуриган тубида ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилади ва бунинг учун 2019 йил мобайнида босқичма-босқич 100 млрд. сўм ажратилади.

Хабарда айтилишича, қарорда денгиз қуриши ва шўрланиши оқибатида ҳозирга қадар 50 минг гектарга яқин экин майдони яроқсиз ҳолга келгани, қуриган денгиз ўрнида 5,5 миллион гектардан ортиқ майдонга чўзилган “Оролқум” саҳроси пайдо бўлгани қайд этилган.

Бундан ташқари, ҳужжатда Орол денгизининг суви қуриган ҳудудида 2019 йил давомида жами 500 минг гектар майдонда ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилиши белгиланган.