Саудия Арабистони ва Покистон 20 миллиард долларлик шартномаларни имзолади

Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон.

Саудия Арабистони Покистон билан 20 миллиард долларлик шартномани имзолади.Шартнома Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмоннинг Покистонга давлат ташрифи доирасида имзоланди.

Муҳаммад бин Салмон Исломободга 17 февраль куни икки кунлик давлат ташрифи билан келган эди. У Хитой ва Ҳиндистонга боришни ҳам режалаштирган.

Покистон ҳукумати Саудия валиаҳд шаҳзодаси ташриф доирасида фойдали инвестиция битимларига қўл қўйиши ва Покистоннинг ночор иқтисодиётига кўмак беришига умид қилган эдилар.

Шаҳзоданинг Осиёга сафари илк босқичи бўлган бу зиёрат минтақадаги вазият ўта кескинлашган пайтга тўғри келмоқда.

Ҳиндистон расмий Исломободни баҳсли Кашмир минтақасидаги худкушлик ҳужумида айбламоқда. Кашмирнинг Ҳиндистон қисмида 14 февраль куни худкуш ўзини портлатгани оқибатида 44 ҳинд полициячиси ҳалок бўлган эди. Покистон ҳукумати бу ишда қўли борлигини рад этмоқда.