Польша Бош вазири Исроил раҳбарлари поляклар ҳақида номақбул гапларни айтгани учун Қуддусга бормайдиган бўлди

Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий.

Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий Исроил расмийларининг полякларга қарши сиёсий аҳлоқ ва одоб доирасидан ташқари бўлган сўзларни айтиши ортидан ўзи ҳам, ташқи ишлар вазири ҳам Қуддусда ўтадиган Вишеград тўртлиги саммитига бормаслигини маълум қилди.

-Мен Исроил ташқи ишлар вазири этиб тайинланган жаноб Кацнинг сўзларини мутлақо қабул қилиб бўлмайди, деб ҳисоблайман. Польша Иққинчи жаҳон уруши даврида яҳудийлар ва циганлар билан бир қаторда энг кўп талафотга учраган мамлакатдир,- деди Моравецкий 18 февраль куни.

Аввалроқ Исроил ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Исраэл Кац телевиденияга берган суҳбатида “полякларга антисемитизм она сути билан бирга сингдирилади”, деб айтган эди.

Бундан ҳам аввалроқ Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу The Jerusalem Post газетасига “поляклар уруш пайтида нацистлар билан ҳамкорлик қилган”, деб айтган.

Ўтган йили Польшада поляк халқи ёки давлатининг Холокостга алоқадорлиги тўғрисидаги иддаоларни билдирган шахсларни уч йилгача озодликдан маҳрум этиш тўғрисидаги қонун қабул қилинган эди.

Исроилнинг Польшадаги элчиси Анна Азарининг айтишича, Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу мана шу қонунни назарда тутган ҳолда “айрим поляклар фашистлар билан алоқада бўлганини” айтган.

Вишеград тўртлигига аъзо Польша, Венгрия, Чехия ва Словакия раҳбарлари саммити 18-19 февраль куни Қуддусда ўтиши режалаштирилган.