Ўзбекистонда YouTube ва Facebook қайта ишлай бошлагани хабар қилинди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда 19 февралдан бошлаб YouTube ва ВКонтакте ижтимоий тармоғи тўсиқларсиз ишлай бошлади. Facebook ижтимоий тармоғи эса узилишлар билан ва жуда секин ишламоқда. Бу ҳақда “Газета уз” хабар берди.

Бироқ Ўзбекистондаги бошқа маҳаллий нашрлар бу ҳақда хабар бермаганлар.

Бу уч оммабоп тармоққа кириш Ўзбекистонда 2018 йилнинг сентябрь ойидан бери номаълум сабабларга кўра тўсиб қўйилган эди. Шунинг учун ўзбекистонликлар VPN орқали бу тармоқлардан фойдаланишган.

15 январь куни Ўзбекистонда Facebook ижтимоий тармоғи ва YouTube халқаро видеопортали ниҳоят ишлай бошлаган эди. Бироқ ўша куни орадан 7-8 соат ўтар-ўтмас, яъни соат 18:00 дан кейин яна Facebook ва YouTube’га кириш имконияти тўсиб қўйилди.

Бундай вазият нега юзага келгани тўғрисида расмий маълумот берилмаган, бироқ расмийлар бу ҳолатни телекоммуникация ускуналарининг янгиланаётгани ва криптографик калитларнинг ўзгартирилаётгани билан изоҳлашга ҳаракат қилганлар.