Покистон Кашмирдаги террорга алоқадор эмаслигини расман маълум қилди

Покистон Бош вазири Имрон Хон.

Покистон Бош вазири Имрон Хон 19 февралда Кашмирнинг Ҳиндистон қисмида содир этилган террор ҳаракатига ўз мамлакати алоқадор эмаслигини расман маълум қилди.

-Мен очиқ айтаман, бу янгича тафакукурдаги янги Покистондир. Бизнинг заминимиз қўшни давлатларга қилинадиган террор ҳужумлари учун майдон бўлиб қолмаслигидан манфаатдор эканимизни тушунамиз. Бошқалар ҳам Покистонда террор содир этмаслиги лозим. Биз барқарорлик тарафдоримиз,- деди Имрон Хон Исломободда телевидения орқали қилган чиқишида.

14 февраль куни Кашмирда худкуш ўзини портлатгани оқибатида 44 нафар ҳинд полициячиси ҳалок бўлган эди. Ҳиндистон бу террорда Покистонни айблаган эди.

Имронхон 19 февралдаги чиқишида Покистон мазкур террор юзасидан Ҳиндистон ўтказаётган терговга барча имкониятларни ишга солган ҳолда кўмаклашишга тайёр эканини билдирди.

1947 йилда Британиядан мустақиллик олинганидан сўнг Ҳиндистон ва Покистон ўртасида Кашмир баҳсли ҳудуд бўлиб қолмоқда. Кашмирнинг бир қисмини Ҳиндистон, бир қисмини Покистон назорат қилиб келади.

Ҳар икки давлат Кашмирни ўз ҳудуди деб билади ва мазкур минтақа учун Ҳиндистон –Покистон ўртасида 2 марта уруш бўлган.