Қирғизистонда собиқ бош вазирлар, собиқ вазирлар ва амалдорлар устидан суд бошланди

Коррупцияда айбланиб судланаётганлар. Юқорида ги қаторнинг марказидаги иккита суратда собиқ Бош вазирлар Жантўрў Сатибалдиев ва Сапар Исақов.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг коррупцияда айбланиб қўлга олинган энг яқин 8 нафар сафдошига нисбатан 18 февралда суд жараёни бошланди.

Судланувчилар орасида Атамбаевнинг энг ишончли одамлари қаторида тилга олинадиган собиқ Бош вазирлар Сапар Исаков ва Жантўрў Сатибалдиев ҳам бор.

Қолган олти одам собиқ энергетика вазири Ўсмўнбек Артиқбаев, собиқ молия вазири Ольга Лаврова, энергетика соҳаси раҳбарлари бўлган Айбек Калиев, Женишбек Назаров, Салайдин Авазов ва Темирлан Бримкуловдир.

Суд жараёни Бишкекнинг Свердлов туманида ёпиқ тарзда ўтказилмоқда. Судланувчилар 2018 йили Бишкекдаги электр станциясини модернизация қилиш жараёнида коррупцияга йўл қўйганликда айбланмоқдалар. Терговнинг билдиришича, давлатга келтирилган зарар миқдори 111 миллион доллар бўлган.

Қирғизистонни 2011-2017 йилда бошқарган собиқ президенти Алмазбек Атамбаев ўз сафдошларининг қамалишини «сиёсий ўч олиш» сифатида баҳолаган эди.