Қирғизистон ишчи гуруҳи Тошкентда Қамбарота ГЭСи бўйича музокаралар олиб боради

Яқин орада ишчи гуруҳи Қамбарота-1 ГЭСи бўйича музокаралар олиб бориш учун Тошкентга боради. Бу ҳақда Қирғизистон парламенти мажлисида Саноат, энергетика ва табиий бойликлардан фойдаланиш Давлат қўмитасининг раиси Айтмамат Қадирбаев маълум қилди.

Унинг сўзларига қараганда, ишчи гуруҳи 2018 йил охирларда ташкил этилган. «Телефон орқали дастлабки мулоқотлар олиб борилди. Бу масала бош вазирнинг биринчи ўринбосари даражасида муҳокама қилинди», - деди амалдор.

Шавкат Мирзиёев хокимиятга келганидан кейин 2017 йилда Ўзбекистон Қамбарота 1- ГЭСини қуришда ҳамкорлик имкониятларини ўрганиб чиқиши юзасидан баёнот берилган эди.

Бир неча йилдирки Норин дарёсига қурилиши керак бўлган Қамбарота 1- ГЭСи лойиҳаси амалга ошмай турибди. Қуввати 1860 мегаваттга тенг станция қурилиши 1980-йиллар сўнггида лойиҳалаштирилган эди. Шундан бери лойиҳа музлатилганича турибди.

Қамбарота-1 ва Юқори Норин ГЭС каскадини қуриш масаласида РФ ва ҚР ҳукуматлари ўртасида 2012 йилда келишувга эришилган эди, ўшанда ҳар икки объект Россиянинг «РусГидро»си қуришига келишилган эди. Бироқ 2016 йилда қирғиз томонининг ташаббуси билан келишув бекор қилинган.