Мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов АҚШ генералли Жосеф Вотел билан учрашди

АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги бошлиғи генерал Жосеф Вотел.

Мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов 20 февраль куни Тошкентга расмий сафар билан келган АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги бошлиғи генерал Жосеф Вотел билан учрашди.

Вазирликнинг билдиришича, АҚШ қўмондонлиги Афғонистон масаласини муҳокама қилиш учун Тошкентга келган.

Учрашув давомида Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, халқаро терроризмга қарши кураш ҳамда минтақада тинчликни барқарор сақлаб туриш бўйича фикрлар алмашилди.

"Учрашувда мудофаа соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати муҳокама қилиниб, ҳарбий таълим ва мудофаа соҳаларида истиқболдаги режалар белгилаб олинди. Ўзаро манфаатли ҳамкорликларни кучайтириш борасида фикрлар алмашилди", - дейилган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги хабарида.