Тожикистон билан чегарада янги назорат-ўтказиш пункти очилади

Ўзбекистон ива Тожикистон ўртасидаги ўтказиш пунктларидан бири.

Ўзбекистон - Тожикистон чегарасида тез орада янги ташкил этиладиган Хисор - Борботоғ назорат-ўтказиш пункти иш бошлайди.

Озодлик радиоси тожик хизматининг хабар беришича, 20 февраль куни Тожикистон парламентининг қуйи палатаси Ўзбекистон билан имзоланган ҳукуматлараро шартномага ўзгартириш киритиш тўғрисидаги протоколни қабул қилди.

Хабарда айтилишича, янги назорат-ўтказиш пункти Тожикистоннинг Хисор ва Ўзбекистоннинг Сурхандарё вилояти Узун туманидаги Боботоғ қишлоғи ўртасида ташкил этилади.

Тожикистон чегара қўшинлари қўмондони, генерал-полковник Ражабалаи Раҳмонали мазкур пункт халқаро мақомга эга бўлмаслигини айтди. Бу ердан фақат маҳаллий аҳоли ўзаро борди-келди қилиши мумкин. Хориж фуқаролари эса икки давлат чегарасида фаолият кўрсатаётган бошқа 9та назорат-ўтказиш пунктидан ўтказилади.

Янги назорат-ўтказиш пунктларини ташкил этиш масаласи Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг 2018 йил 17-18 август кунлари Тошкентга қилган давлат ташрифи доирасида муҳокама қилинган эди.