Кашмирда яна нотинч. Отишмада 5 киши ҳалок бўлди

Кашмирдаги норозилик намойишларидан бирида.

Кашмирнинг Ҳиндистон қисмида 24 февраль куни содир этилган отишмада 5 киши ҳалок бўлди. Улардан икки нафари Ҳиндистон хавфсизлик хизмати ходими, уч нафари эса Покистонда жойлашган “Жайшул Муҳаммад” гуруҳи аъзолари экани айтилмоқда.

Ҳиндистон полицияси ўтган шанба-якшанба кунлари Кашмирда сепаратчиликда гумонланган 160 одамни қўлга олиш амалиётини ўтказаётган эди. Отишма мана шу амалиёт пайтида содир этилган.

“Жайшул Муҳаммад” гуруҳи 14 февралда Кашмирда 44 ҳинд полициячиси ўлимига сабаб бўлган худкуш ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди. Ҳиндистон мазкур Ҳужум ортида Покистон турганини иддао қилган.

Ҳиндистоннинг бундай баёноти покистонликларнинг норозликларига сабаб бўлди.

-Биз бугун бу ерга Ҳиндистон ҳукуматининг ғоясига қаршилик билдириш ва ўз Қуролли кучларимизни қўллаб-қувватлаш учун йиғилдик. Ҳар бир покистонлик бизнинг севимли ватанимиз хавфсизлиги ва даҳлсизлигини таъминлаш йўлида қатъийдир,- деди Муттахид Каюми ҳаракати лидери Фейсал Сабзвари Карачида ўтган митингда.