Душанбедаги масжид қурилишида ишлаётган 9 ишчи 60 метр баландликдан ерга қулади

Душанбеда қурилаётган масжид.

Тожикистон пойтахти Душанбеда қурилаётган Марказий Осиёдаги энг катта масжид қурилишида 25 февраль куни ҳавозалар қулаб, ишчилар 60 метрлик баландликдан ерга йиқилди. Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизмати воқеа гувоҳлари ва расмийларга таянган ҳолда хабар берди.

Расмиларга кўра, ерга қулаган 9 нафар ишчи турли оғирликдаги жароҳатлар билан Душанбедаги "Карияи Боло" миллий тиббиёт марказига ётқизилган. Ҳалок бўлганлар йўқлиги айтилмоқда. Қулаб тушган ишчиларнинг айни пайтдаги аҳволи ҳақида маълумот берилмади.

Мазкур масжид қурилиши президент Эмомали Раҳмоннинг бевосита қўллови остида 2009 йилда бошланган эди. 12 гектар майдонни эгаллайдиган масжид лойиҳаси Қатар ва Тожикистон мутахассислари ҳамкорлигида ишлаб чиқилган.

Asia-Plus агентлигининг билдиришича, бу масжидда бир вақтда 120 минг киши намоз ўқиши мумкин.