Ғалланинг бир тоннасини ҳукумат фермерлардан 1 миллион 200 минг сўмдан сотиб олади

Иллюстратив сурат.

Жорий йилда фермерларга бир тонна буғдой учун бериладиган ҳақ миқдори 2018 йилга нисбатан 1,6 баробарга оширилди.

2019 йилда бир тонна буғдой 1 миллион 200 минг сўмдан харид қилинади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 25 февраль куни ғаллачиликка оид долзарб вазифаларга бағишлаб ўтказган йиғилиш пайтида маълум қилинди.

Бундан ташқари ғалладан режадагидан кўра мўлроқ ҳосил йиққан фермерларга ҳар бир тонна учун қўшимча 300 минг сўмгача устама ҳақ тўланади. Президент фикрича, бундай ёндашув фермерларни мўлроқ ҳосил олишга рағбатлантиради.

Маълум қилинишича, 2018 йилда Ўзбекистонда 5 миллион 200 минг тоннадан кўпроқ ғалла етиштирилган. Бу ҳар гектар ердан 45 центнердан ҳосил олинганини англатади.

Йиғилишда маълум қилинишича, жорий йилда ёғингарчилик аввалги йилларга нисбатан 1,3 баробарга кўп бўлади. Шунингдек, сув омборларида ўтган йилга қараганда 2-3 баробар кўп сув йиғилган. Сувнинг сероблиги ҳам ғалладан жорий йилда кўп ҳосил етиштирилишига омил бўлиши таъкидланди.