Эрон Ташқи ишлар вазири кутилмаганда истеъфо берди

Муҳаммад Жавад Зариф

Эрон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф 26 февраль куни Instagram саҳифаси орқали ўзининг истеъфога чиққанини эълон қилди.

Зариф¸ "иш давомида йўл қўйган камчиликлари ва бундан сўнг фаолиятини давом эттира олмаслиги" учун Эрон халқи ва раҳбариятидан узр сўради¸ аммо истеъфо сабабини очиқламади.

Ҳозирча президент Руҳоний маъмурияти Зариф истеъфосини қабул қилгани ҳақида расмий тасдиқ йўқ.

АҚШда таҳсил олган Муҳаммад Жавад Зариф¸ 2015 йили Ғарб давлатлари билан тузилган ядровий келишувнинг муаллифларидан бири саналади ва унинг истеъфоси бу жараëнга берилган жиддий зарба сифатида кўрилмоқда. Ғарб билан тузилган бу шартнома¸ Эрондаги ашаддий диндорларнинг жиддий эътирозига учраб келаëтган эди.

Мазкур келишувга мувофиқ¸ АҚШ¸ Германия¸ Франция¸ Британия¸ Россия ва Хитой Эроннинг ядровий қурол яратиш дастуридан воз кечиши эвазига мамлакатга нисбатан жорий қилинган кескин иқтисодий санкцияларни бекор қилган эди.

Аммо бу келишувни мутлақо яроқсиз¸ Теҳронни эса¸ дунëдаги террорчилик спонсори деб атаган АҚШ президенти Дональд Трамп 2018 йили Вашингтоннинг бу келишувдан чиққани ва Эронга нисбатан янги санкциялар киритилишини эълон қилди.

БМТ ва ЕИ Эроннинг мазкур келишув шартларига амал қилаëтганини таъкидлаб¸ Теҳрон билан ҳамкорликни давом эттириш йўлларини изламоқда.