Кремль матбуот котибининг қизи Европарламентда ишламоқда

Елизавета Пескова кўпдан онаси билан Францияда яшаб келмоқда.

Россия президенти Владимир Путинга яқин амалдорлардан бири – Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковнинг қизи Европа парламентида ишламоқда ва Европа Иттифоқининг муҳим ҳужжатлари билан тўсиқсиз танишиб келмоқда.

Озодликнинг Брюсселдаги мухбирига кўра¸ 21 яшар Елизавета Пескова шу кунларда франциялик Европарламент депутати Aymeric Chauprade - Эмерик Шопрад ëрдамчилари гуруҳида стажëрлик қилмоқда.

Пескова номи Европа парламенти расмий сайтида ҳам қайд қилинган¸ айни пайтда француз депутати Озодлик мухбирига унинг ўз гуруҳида ишлаëтганини тасдиқлади.

Ашаддий ўнгчиларнинг Марин Ле Пен етакчилигидаги Миллий фронти собиқ аъзоси Шопрад¸ Путиннинг Европадаги тарафдорларидан биридир.

У 2014 йили Қрим аннексиясини расмийлаштириш учун уюштирилган Путин референдумида¸ бу тадбир ЕИ томонидан нолегитим деб топилганига қарамай¸ кузатувчи сифатида қатнашган.

Европа парламенти стажëрларига ЕИ солиқ тўловчилари ҳисобидан ҳақ тўланади.

Жамоатчиликка аксилғарб¸ аксилевропа чақириқлари билан танилган аксар Россия амалдор ва олигархларининг фарзандлари Ғарб¸ хусусан¸ ЕИ давлатларида муқим яшаб келмоқда.