Туркия Россиядан S-400 мудофаа тизимини сотиб олиш қароридан воз кечмайди

S-400 ракетадан мудофаа тизими.

Туркия Россиядан S-400 ракетадан мудофаа тизимини сотиб олишдан воз кечмаслигини маълум қилди.

- S-400 масаласида баёнот беришнинг ҳожати йўқ. Бу тайёр шартнома. Туркия ҳеч қачон ўз ваъдасидан бош тортмаган. Бу принципиал масала,- деди Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Анқарада 26 февралда журналистларга.

2018 йилнинг июнь ойида Анқара Россия билан умумий қиммати 2,5 миллиард долларлик S-400 русумидаги ракетадан мудофаа тизимини сотиб олишга оид шартномани имзолаган эди.

Шундан сўнг АҚШ Давлат департаменти Туркия ҳукуматини Россиядан S-400 ракета мудофаа тизимини сотиб олиш режаси Америкадан F-35 қирувчи самолётларини харид қилишни савол остида қолдирганидан огоҳлантирди. АҚШ Конгресси эса Туркияга F-35 қирувчи самалётларини сотишни тақиқлади.

Туркия президенти Ражап Тоййип Эрдўған Вашингтонни Қўшма Штатлар пули тўлаб қўйилган F-35 қирувчи учоқларини етказиб бермаса, халқаро арбитражга мурожаат қилиш билан огоҳлантирган.