Қозоғистонда газ портлаши оқибатида 5 қаватли уйдаги 3та хонадон вайрон бўлди, уч одам ўлди

Қозоғистон харитасида Жамбил вилояти.

Қозоғистоннинг Жамбил вилояти маркази Тараз шаҳрида кўп қаватли уйлардаги хонадонлардан бирида газ портлаши оқибатида камида уч киши ҳалок бўлди.

Тараз расмийларининг билдиришича, портлаш беш қаватли уйнинг иккинчи қаватида 27 феврал куни эрталаб соат 6 дан 20 дақиқа ўтганда юз берган.

Портлаш оқибатида кўп қаватли уйга зарар етган. Рамий маълумотда айтилишича, биринчи қаватдан учинчи қаватгача учта хонадон вайрон бўлган. Уйда яшовчи олти нафар одам яраланган.

Мазкур уйдан 145 одам эвакуация қилинди. Дастлабки текширувларга қараганда, портлаш газ ускунасидан нотўғри фойдаланиш оқибатида юз берган.