Покистон Кашмирда уриб туширилган самолётнинг учувчисини Ҳиндистонга қайтарадиган бўлди

Кашмир харитаси. Харитада Кашмирнинг Покистон ва Ҳиндистон қисми кўрсатилган.

Покистон Бош вазири Имрон Хон 27 февраль куни Кашмирда уриб туширилган Ҳиндистон ҳарбий самолётининг учувчиси ватанига қайтарилишини билдирди. Имрон Хоннинг айтишича, ҳинд учувчиси “тинчлик муждаси” сифатида 1 март куни озод этилади.

Ҳиндистон ҳарбий ҳаво кучлари вице-маршали Капур Покистоннинг бу қарорини олқишлади.

-Назорат чизиғидан ўтиб кетгани учун Покистонда ҳисбда сақланаётган учувчимиз озод этилаётганидан мамнунмиз. Биз уни интиқлик билан кутамиз. У ватанга қайтганидан сўнг алоҳида баёнот берамиз, - деди вице-маршал.

26 февраль куни Ҳиндистон армияси ўз қирувчи самолётлари Покистон ҳудудидаги "террорчилар базаси"га ҳужум қилганини билдирган.

Бунга жавобан Покистон 27 февралда Кашмир ҳудудида Ҳиндистонга қарашли икки қирувчи самолётни уриб туширган ва учувчиларни ҳибсга олган эди.

1947 йилда Британиядан мустақилликка эришганидан бери икки ядровий қўшни ўртасида уч марта уруш бўлган ва улардан иккитаси Кашмир устидаги низодан бошланган.