2019 йилда Хитой мудофаа харажатларини 7,5 фоизга оширади

Хитой ҳукуматининг янги бюджет ҳисоботига кўра, мамлакат жорий йилда ҳарбий харажатларини 7,5 фоизга оширади. Бу маълумот 5 март кунига белгиланган Умумхитой халқ вакиллари йиғини арафасида эълон қилинди.

2019 йилги режа 2018 йилги ўсишдан бир оз камроқдир. Ўтган йилда бу кўрсаткич 8,1 фоизни ташкил қилганди.

Мамлакат армияси президент Си Цзиньпин ҳокимият тепасига келганидан бери тубдан ўзгартирилди. 2016 йилгача Хитой беш йил давомида мудофаа харажатларини 10 фоиздан кўпга оширди.

Мутахассислар ҳамда дипломатлар Хитой ўз армиясига сарфлаётган суммани тўлиқ кўрсатмаслигига ишонади.

Хитой ўз ҳарбий харажатлари ҳақида тўлиқ маълумот бермай келаётгани туфайли унинг рақиблари Пекинни минтақада тангликни оширишда айблаб келади.

Бу орада Хитой ҳукумати мамлакат иқтисоди 2019 йилда 6-6,5 фоизга ўсишини кутмоқда.