Эронда ўқитувчилар уч кундан бери иш ташлаш тадбирини ўтказмоқда

Эрондаги иш ташлашда иштирок этаётган ўқитувчилар гуруҳи.

Эрон шаҳарларида уч кундан бери мактаб ўқитувчилари иш ташлаш тадбирини ўтказмоқда. Улар ойликларнинг озлиги ва ўқитувчилар ҳуқуқини ҳимоя қилган фаоллар қамоқларга ташланганидан норозилик билдирмоқдалар.

Иш ташлаш Эрон ўқитувчиларининг мувофиқлаштирув кенгашлари синдикати томонидан уюштирилди.

Хабарда айтилишича, Теҳрон, Исфахон, Ҳамадон, Караж, Керманшох, Широз, Язд шаҳарларида мингдан ортиқ бошланғич ва ўрта мактаб ўқитувчилари норозилик билдирмоқда.

Эрон давлат нашрлари иш ташлаш ҳақида хабар бермади. Расмийлар ҳам бу борада изоҳ бермаяптилар.

Иш ташлашда иштирок этаётган ўқитувчиларга нисбатан куч қўлланилмаётгани ва улар полиция томонидан қўлга олинмаётгани билдирилди. Ўқитувчиларнинг бундан аввалги иш ташлашлари пайтида кўплаб одамлдар қўлга олинган эди.

Эронлик ўқитувчилар ўтган йили икки марта иш ташлаш тадбирини ўтказган. 2017 йилнинг декабри ва 2018 йилнинг январь ойларида Эрондаги 80дан ортиқ шаҳарларда одамлар нархлар кўтарилишига, ишсизлик ва коррупцияга қарши норозилик намойишларига чиққан эди.