Лондоннинг учта жойида қўлбола портловчи мосламалар топилди

Ватерлоо вокзалида портловчи мослама топилиши ортидан ўтказилган тезкор амалиёт.

Британия полицияси Лондоннинг учта ҳудудида “унча катта бўлмаган қўлбола портловчи мосламалар” топилгани юзасидан тергов олиб борилаётганини билдирди.

Полициянинг маълум қилишича, 5 март куни A4 форматидаги пакетларга солинган портловчи мосламалар Хитроу ва Лондон Сити аэропортларида, Ватерлоо вокзалида топилган.

Бу пакетлар очилганида мосаламалар портлаб, “кичик ёнғин келиб чиқариши” мумкин бўлган.

Полициянинг билдиришича, бу портловчи мосламалардан ҳеч ким зарар кўрмади, уларнинг топилиши аэропорт ва вокзалдаги ҳаракатга ҳалақит қилмади.

Топилган пакетлардан иккитасига Ирландия Республикаси маркаси ёпиштирилган. Шу сабадан Ирландия полицияси лондонлик ҳамкасбларига тергов жараёнида ёрдам кўрсатаётганини маълум қилди.