Ўзбекистон Тожикистон билан ҳамкорликда қурол ва ҳарбий техника ишлаб чиқариши мумкин

Ўзбек ва тожик ҳарбийлари ўтган йили биринчи марта қўшма ҳарбий машғулот ўтказган эди.

Тожикистон парламенти Қуйи палатаси 6 март куни Душанбе ва Тошкент ўртасида ҳарбий ҳамкорлик бўйича имзоланган шартномани ратификация қилди.

Тожикистон Қуролли Кучлари бош штаби бошлиғи Эмомали Собирзоданинг парламентга билдиришича, мазкур шартномага асосан икки давлат ҳамкорликда қурол ва ҳарбий техника ишлаб чиқариши мумкин.

Бундан ташқари шартномада ҳарбий техникани ҳамкорликда таъминлаш, реконструкция қилиш, ҳарбий делегациялар ва маълумотлар билан алмашиниш кабилар ҳам назарда тутилган.

Собирзодага кўра, яқин орада Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамкорликда навбатдаги ҳарбий машғулотларни ўтказади. Бу каби ҳарбий машғулотларнинг биринчиси ўтган йилнинг сентябрида Тожикистонда бўлиб ўтган эди.

Собирзода Ўзбекистон томони чегарани миналардан тозалаш ишларини олиб бораётганини ҳам таъкидлади. Унга кўра, ўзбек чегарачилари бу масалада тожик ҳамкасбларининг ёрдам кўрсатиш таклифини рад этган. «Чунки чегарани миналардан тозалаш ишлари Ўзбекистон ҳудудида олиб борилмоқда», деди Собирзода.

Икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома 2018 йилнинг август ойида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг Тошкентга давлат ташрифи доирасида имзоланган эди.

Мазкур ташриф доирасида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида 27та ҳужжат, жумладан, стратегик ҳамкорлик шартномаси ҳам имзоланган.