Telegram россиялик фойдаланувчиларни намойишга чиқишга чақирди

Иллюстратив сурат.

Telegram мессенжери фойдаланувчиларни Россия ҳукуматининг ижтимоий тармоқни тўсиб қўйиш ҳаракатларига қарши норозилик намойишига чиқишга чақирди.

“Ўн ойдан ортиқ вақт мобайнида Роскомнадзор Telegram’нинг Россиядаги фаолиятига тўсқинлиқ қилиш мақсадида ҳар куни минглаб IP-манзилларни блокламоқда”, дейилади расмий билдирувда.

Мессенжер раҳбарияти нуқтаи назарича, Кремль миллиардлаб рубль маблағ сарфлаб, Россияни ташқи дунёдан узиб қўймоқчи.

Бунинг ортидан ҳукумат хорижий ижтимоий тармоқларни ва мессенжерларни ҳам тўсиб қўйиш имкониятига эга бўлади”, дейилади баёнотда.

Маълумотда айтилишича, Москва, Хабаровск ва Воронежда 10 март куни Либертариан партияси ташаббуси билан Telegram тўсиб қўйилишига қарши норозилик митинглари ўтказилади.

2018 йилнинг апрель ойида Москванинг Таганский туман суди Павел Дуров томонидан 2013 йилда асос солинган ва тез орада оммалашган Telegram мессенжерини ФСБга шифрлаш калитларини бермагани учун блок қилиш тўғрисида қарор чиқарган эди.

16 апрель куни Роскомнадзор Telegramга бўлган тақиқ тўғрисида барча алоқа операторларига хабар юборди.

Ҳозирга қадар Telegramга қарашли бўлган 3,8 миллион IP-манзиллар блокировка остида қолмоқда.