Тожик фаоли 2020 йилги сайловда президент ўғли номзодини қўллашга мажбурланганини айтмоқда

Рустам Имомали ҳозирда пойтахт Душанбе ҳокимидир.

Тожик мухолифатининг таниқли фаоли Шарофиддин Гадоев ўтган ой ўзининг мамлакат расмийлари томонидан олиб қочиб кетилгани ва қийноққа солинганини иддао қилди. Гадоевга кўра¸ расмийлар ўзидан 2020 йилга белгиланган президент сайловларида жорий президент Имомали Раҳмоннинг ўғли Рустам Имомали номзодини қўллашни талаб қилган.

Тожикистонда фаолияти тақиқланган “Гуруҳ 24” мухолифат ҳаракати фаоли Гадоев ҳозирда Ҳолландияда қочқинлик мақомини олган. Унинг Озодликка айтишича¸ Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Саймўмин Ятимов ўзи ва гуруҳнинг Тожикистонга қайтган яна 17 аъзоси номидан Рустам Имомали номзодини қўллаш ташаббуси билан чиқишни талаб қилган.

1992 йилдан бери мамлакатни бошқариб келаëтган 66 яшар Имомали Раҳмон ҳозирча келаси йилги сайловда номзодини қўйиш-қўймаслигини очиқламади.

Ўзига президент фаолиятини назорат қилувчи миллат раҳнамоси мақомини берган Раҳмон президентликка даъво қилмаса¸ унинг 29 яшар ўғлининг отаси ўрнига сайланиши кутилмоқда.