Босния ҳукумати 2 нафар ИД жангарисини ватанига қайтариб судламоқчи

Сурияда юрган босниялик жангарилар

Босния-Герцеговина ҳукумати Ислом давлати (ИД) жангарилар ташкилоти сафида жанг қилгани айтилаётган икки ватандошини қайтармоқчи эканини маълум қилди.

Иккаласи ҳам айни дамда курдлар қўл остидаги жамлоқда ушлаб турилибди.

Хавфсизлик вазири Драган Мектич 9 мартда ўша икки киши террорчилик ташкилотига аъзоликда гумон қилинаётгани ва Боснияда суд қилинажагини айтди. Уларнинг исми ошкор этилмаяпти.

Расмийларга кўра, иккала гумондор шахс март охирида Боснияга олиб келинади.

Улардан бирининг 2013 йили Суриядаги жангарилар сафига қўшилгани айтилмоқда. У ўша ерда уйланган ва 2 фарзанди бор. Босния ОАВга кўра, уни босниялик салафийлар раҳнамоси, 2015 йили Сараево шаҳрида 7 йилга кесилган Билол Боснич ёллаган.

Иккинчи гумондор шахс ҳақидаги ҳозирча маълумот топишнинг имкони бўлмаётир.

Боснияда мавжуд расмий статистика маълумотларига кўра, 2012-2016 йилларда Босниядан ёки боснияликлар диаспорасидан 241 киши, жумладан 80 бола, Сурия ва Ироққа жўнаб кетган.

Ўша ерда тахминан 150 нафар бола туғилган. Камида 88 киши қурбон бўлган ёки вафот этган. Айни пайтда ўша минтақада 100 босниялик, жумладан, 49 аёл бор. Бу орада камида 50 киши, жумладан, 7 бола Боснияга қайтиб келди.