Эфиопияда йўловчи ташувчи самолёт қулади, 157 киши нобуд бўлгани айтилмоқда

Эфиопия ҳаво йўлларига қарашли ET 302 самолётида яқинлари бўлганлар Найроби аэропортида, Кения, 10-март, 2019-йил

"Эфиопия ҳаво йўллари" ширкатига қарашли самолёт ҳалокатга учради ва унинг бортида бўлган 157 кишининг барчаси ўлган, деб хабар қилинмоқда.

Ширкатнинг маълум қилишича, самолёт якшанба куни эрталаб Аддис-Абеба аэропортидан кўтарилганидан бироз ўтиб, қулаган.

Охирги хабарларга кўра, самолёт бортида 33 давлат ватандошлари бўлган. Ўлганларнинг 149 нафари йўловчи, 8 нафари экипаж аъзосидир.

Самолёт Кения пойтахти Найробига учаётган эди.

Ҳозирча ҳалокат сабаблари номаълум.

Flightradar24 сайтига кўра, ЕТ302 рейси билан учаётган "Боинг-737" русумидаги самолёт ҳавога кўтарилганидан 6 минут ўтиб, 3 километр баландликда радардан ғойиб бўлган.