"Тошшаҳартрансхизмат"га қарашли автобус парклари хусусий секторга берилади

Тошкентда автобус бекати, 2014-йил (иллюстратив сурат)

"Тошшаҳартрансхизмат" корхонасига тегишли бўлган автобус парклари 2019 йилнинг 1 июлидан хусусий бизнесга берилади.

Адлия вазирлиги Telegram каналида берилган хабарга кўра, бу ўзгариш "Юк ва йўловчи ташиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қарорида белгиланган.

Ҳужжатда корхона зиммасига шу йилнинг 1 июлига қадар ўз қарамоғидаги автобус паркларини хусусий ширкатларнинг ишончли бошқарувига ўтазиш ёки ўз улушини уларга сотиш тартибини ишлаб чиқиш вазифаси юкланган.

Шунингдек, қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 июлдан бошлаб:

- халқаро ташишларда фойдаланиладиган тягач (шатакчи) автомобилларга лицензия карточкалари берилиши учун давлат божи тўлаш;

- “Евро-5” ва “Евро-6” экологик синф талабларига мос келадиган янги юк ва махсус автотранспорт воситаларини, шунингдек, автомобилда юк ташиш учун фойдаланиладиган тиркама ва ярим тиркамаларни, транспорт-экспедиторлик хизматларини мажбурий сертификатлаш;

- автомобилда юк ташиш билан шуғулланувчи якка тадбиркорлар, шунингдек, ушбу фаолият билан шуғулланувчи юридик шахс раҳбарининг малака талабларига мувофиқлик юзасидан аттестациядан ўтиши тўғрисидаги талаблар;

- автомобилда йўловчилар ва юкларни ташиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензия олишда юридик шахсларнинг балансида транспорт воситалари мавжуд бўлиши ҳақидаги талаблар бекор қилинади.

Ҳужжатда таъкидланишича, якка тартибдаги тадбиркорларга енгил автомобилда йўловчи ташиш ҳуқуқини бериш ҳақидаги таклифлар (ҳозирда ушбу фаолият билан фақатгина юридик шахслар шуғулланиши мумкин) бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

Ҳозирда пойтахтда "Тошшаҳартрансхизмат"га қарашли 9 та автобус парки бор. Корхона автобуслар носозлиги, ёнғинлар содир бўлиши ва автобусларнинг жадвал вақтидан кеч қолиши боис мунтазам танқидга учраб келади.