Ўзбекистон дунёда ҳавоси энг ифлосланган давлатлар орасида 16-ўринни эгаллади

“AirVisual” халқаро ташкилоти рейтинги.

“AirVisual” халқаро ташкилоти томонидан 2018 йил учун эълон қилинган рейтингда Ўзбекистон дунёда ҳавоси энг ифлосланган давлатлар орасида 16-ўринни эгаллади.

Рейтингда Ўзбекистон 34,3 балл олиб, сариқ ранг билан белгиланди. Бу эса Ўзбекистонда ҳаводаги зарарли моддалар миқдори ўта хавфли даражада эмаслигини, лекин ҳавога сезгир бўлган одамлар саломатлиги таҳдид остида эканини англатади.

Рейтингда Марказий Осиё мамлакатларидан фақат Ўзбекистон ва Қозоғистон жой олган. Қозоғистон ҳавоси ифлосланган давлатлар орасида 20-ўринда белгиланган

Рейтингда дунёда ҳавоси энг ифлосланган давлатлар қизил ранг билан белгиланган. Бу ранг остида биринчи ўринда Бангладеш, кейинги ўринларда Покистон ва Ҳиндистон кўрсатилган.

Ҳавоси энг тоза мамлакатлар эса кўк ранг билан белгиланган. Дунёда ҳавоси энг тоза мамлакатлар учлиги Исландия, Финландия ва Австралиядан иборат.

“AirVisual” халқаро ташкилот экспертларининг билдиришча, ҳар йили ҳавонинг ифлосланиши оқибатида жаҳонда камида 7 миллион одам вафот этади. Ҳавонинг ифлосланиши оқибатида жаҳон иқтисодиёти йилига 225 миллиард доллар зарар кўради.