ДХХ наркотик тоифасига кирувчи 13 мингтадан кўпроқ “Трамадол” таблеткасини мусодара қилди

Иллюстратив сурат.

Давлат хавфсизлик хизмати 13 минг донадан кўпроқ наркотик таблеткани мусодара қилди ва гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган қатор шахсларни қўлга олди.

ЎзАнинг 11 март куни хабар беришича, тезкор тадбирлар натижасида Ғиждувон туманидаги “Сармижон” назорат постида фуқаро Л. М.га тегишли “Lacetti” автомашинасидан гиёҳвандлик воситалари тоифасига кирувчи 8080 дона “Трамадол” таблеткаси топилган.

Сирдарё туманида “Cobalt” русумли автомашина текширилганда, унинг юкхонасидан 1980 дона “Трамадол” таблеткаси топилди.

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида эса ВАЗ-2106 автомашинаси тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унинг салонида 3000 дона “Трамадол” таблеткаси борлиги аниқланди.

Мазкур ҳолатлар бўйича жиноий ишлар қўзғатилиб, тергов олиб борилмоқда.