Amnesty International Эронда ахлоқ полицияси аёлларга кўрсатаётган зўравонликни қоралади

Amnesty International ташкилоти 12 март куни эълон қилган баëнотда Эронда аёллар дучор бўлаётган зўравонлик кескин қораланди.

Баëнотда¸ ижтимоий тармоқларда тарқаган видеолар ахлоқ полицияси ҳамда ҳукуматни қўлловчи “безорилар”аёлларга ўтказадиган зўравонликнинг нишонаси эканлиги айтилади.

Ташкилотнинг Яқин Шарқ ҳамда Шимолий Африка тадқиқотлари бўйича директори Филип Лютер:

- Эроннинг мажбурий ҳижоб қонунлари нафақат камситувчи ва дискриминацион характерга эга, балки кўчаларда аёллар ва қизларга қилинаётган зўравон ҳужумларни оқлаш учун баҳона бўлмоқда, - деди.

Ташкилот билдирувида Эронда ахлоқ полицияси мунтазам равишда кўчада аёлларни тўхтатиши, уларни ҳақорат қилиши ва таҳдид солиши, сочларини яширишга мажбурлаши, ёки бетларидаги пардозни артиш учун салфетка бериши айтилади.

Бундан ташқари, Amnesty International билдирувига кўра, полиция аёлларнинг бетига шапалоқ туширган, қўлига кишан тоққан ёки полиция машиналарига мажбурлаб миндирган ҳолатлар ҳам учраб туради.