АҚШнинг инсон ҳуқуқлари бўйича янги ҳисоботида хитойлик мусулмонлар тақдиридан ташвиш билдирилди

АҚШ давлат котиби Майк Помпео.

АҚШ Давлат департаментининг жаҳондаги инсон ҳуқуқлари вазияти тўғрисидаги янги ҳисоботида Россия, Эрон ва Хитой жиддий равишда инсон ҳуқуқларини бузаётган давлатлар сифатида тилга олинди.

-Айниқса, Хитой 2018 йилда мусулмон озчиликни қўлга олиш кампаниясини фаоллаштириб, рекорд даражадаги натижаларга эришди. Бугун Хитойда 1 миллиондан ортиқ уйғур, қозоқ ва бошқа мусулмонлар қайта тарбиялаш лагерларига қамалган. Бу лагерлардан кўзланган асосий мақсад, мусулмонларнинг ўзлиги, диний ва этник ўзгачалигини йўқ қилиб ташлашдир, - деди 13 март куни Вашингтонда ҳисоботни тақдим этган АҚШ давлат котиби Майк Помпео.

Ҳисоботда таъкидланишича, Россияда гейларни ҳеч қандай суд ва сўроқларсиз мудҳиш тарзда ўлдириш ҳолатлари кузатилди. Бундай қотилликларнинг асосий қисми Чеченистонда содир этилди.

Бундан ташқари Чеченистонда ўнлаб гейлар ноқонуний репрессия оқибатида бедарак йўқолган ёки ноқонуний равишда қамоқларга ташланган.

АҚШ, шунингдек, Эронни халқаро меъёрлар бўйича «жиддий ҳисобланмайдиган жиноят»ларни содир этган шахсларга ҳам ўлим жазосини асоссиз равишда қўллаётганини танқид қилди.