Янги Зеландиядаги ҳужум қурбонларининг норасмий рўйхати тузилди

Янги Зеландия шарқидаги Крайстчерч шаҳри 2 масжидига қилинган ҳужум қурбонлари орасида 3 ёшдан 77 ёшгача бўлган кишилар борлиги маълум бўлди.

Қурбонларнинг яқинлари тузган рўйхатда 44 эркак ва 4 аёлнинг исми бор. Яна 2 кишининг номини эса фаоллар ҳануз аниқлай олмаган.

Ҳозирча мамлакат раҳбарияти ўз рўйхатини эълон қилгани йўқ.

Янги Зеландия Бош вазири Жасинда Арден тарқалган рўйхатнинг расмий эмаслигини таъкидлади ва расмий рўйхат қурбонларнинг шахси аниқланганда эълон қилинишини билдирди.

Айни пайтда, ҳужумни амалга оширишда айбланаётган 28 ёшли австралиялик устидан суд бошланди.

Судланувчи Брентон Таррант 16 март куни маҳкама залига кираркан, оқ танлиларни бошқа ирқлардан устун, деб билувчи гуруҳларга хос имо-ишора қилди ва қотиллик айбловига муносабат билдирмади.

Суднинг навбатдаги мажлиси 5 апрель куни бўлиб ўтади. Унгача Таррант тергов изоляторида ушлаб турилади.

15 март куни Крайстчерч шаҳрида иккита масжидга қилинган ҳужум оқибатида 50 киши қурбон бўлди, 40 дан ошиқ одам жароҳат олди.

Мамлакат Бош вазири Жасинда Ардерн ҳужумни мисли кўрилмаган зўравонлик акти, дея атади.