Сурхондарёда ўғрилик қилган ўқувчилар Ёшлар иттифоқи кафиллигида озод қилинди

Сурхондарё вилоятида сайёр судга тортилган 3 нафар вояга етмаган шахс Ёшлар иттифоқи ва жамоатчилик кафиллиги остида озод қилинди.

ЎзА агентлигининг Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман суди раисига таяниб хабар қилишича, шу туманда яшовчи 3 ўқувчи ўтган йилнинг 25 ноябрь куни бир савдо дўконига кирган ва жами 23 ярим миллион сўмлик телевизор, ноутбук ҳамда 2 миллион 600 минг сўм пулни талон-торож қилиб, воқеа жойидан яширинган.

Хабарда айтилишича, бу ишни Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман суди кўриб чиққан ва сайёр суд мажлиси туман Ички ишлар бўлимида ўтказилган.

Судда Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисми “в”, “г” бандлари билан айбдор топилган ўқувчилар Ёшлар Иттифоқи Қизириқ тумани Кенгаши ҳамда кенг жамоатчиликнинг кафиллиги остида жазодан озод қилинган.