Покистонда темир йўлга ўрнатилган бомба портлаши оқибатида одамлар ҳалок бўлди

Балужистонда портлаш оқибатида ағдарилган поезд.

Покистонда темир йўлга ўрнатилган бомба портлаши оқибатида поездда кетаётган йўловчилардан камида тўрт киши ҳалок бўлди, 7 одам яраланди.

-Бирдан портлаш содир бўлди. Поезд вагонлари издан чиқиб, ағдарилиб кетди. Поезднинг барча ғилдираклари ва вагонлари ағдарилди,-деди воқеа гувоҳларидан бири Назир Аҳмад.

Мазкур террор Балужистон вилоятининг Дера Мурод Жамолий туманида 17 март куни содир этилди.

Полиция Jaffar Express поезди Равалпинди шаҳридан вилоят маркази Кветтага кетаётганини билдирди. Портлаш оқибатида поезднинг учта вагони ағдарилган.

Ҳозирча террор учун масъулиятни бирор гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ. Афғонистон ва Эрон билан чегарадош бўлган Балужистон вилоятида жангари гуруҳлар томонидан темир йўлларга тез-тез ҳужум қилиниб турилади.